Ҳар бир мурожаат назоратда

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунини ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2016 йил 27 октябрда қабул қилинган “Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманлари ҳокимларининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талабларини сўзсиз бажариш юзасидан жавобгарлиги тўғрисида” ги №366-сонли Қарори билан юқорида кўрсатиб ўтилган Қонун талабларини сўзсиз ва ўз вақтида бажариш вазирлик ва идораларнинг асосий вазифаларидан бири, деб ҳисобланиши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг мазкур №366-сон Қарори билан Виртуал қабулхона орқали келаётган мурожаатларни ўз вақтида ва самарали кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш механизмлари тегишли Схемалар асосида регламентация қилиниб, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари аҳоли ва тадбиркорлар учун кунлик соат 8 дан 11 гача шахсий қабулларини ташкил қилиш чораларини кўришлари лозимлиги талаб этилган.

Муҳтарам Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни тўғри ташкил этилишига, аҳолининг, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг долзарб муаммоларини қонуний ҳал этилишига алоҳида аҳамият бераётганлиги ҳамда мазкур соҳада етарли ва самарали назорат ўрнатилганлиги сабабли жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда туб бурилиш содир этилган. 

Яъни, мурожаатларни расмиятчилик ва қоғозбозлик учун эмас, балки ҳар бир мурожаатни ҳаққоний ва чуқур равишда ўрганиб, кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш борасида катта ижобий ўзгаришлар рўй берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4904-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, ундан ташқари Республикамизнинг ҳар бир вилоят ва туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари тузилган ва фаолиятини юритмоқда.

Ушбу Фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, вилоятлар ва туманлардаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизим фаолиятини таъминлаб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги  “Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 341-сонли Қарори хам бу борадаги ишларни ташкил қилишда катта аҳамият касб этади.

Мазкур ишларни “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятида қай даражада ташкил қилингани хусусида тўхталиб ўтсак…

Мурожаатлар билан ишлаш борасида “Навоий ИЭС” АЖда қатор ишлар амалга оширилган:

Жумладан: Станциянинг 2017 йил 19 сентябрдаги №492-сонли Буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг барча даражадаги Халқ Қабулхоналари, Виртуал электрон қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича Станция Раҳбарияти ва бўлим бошлиқларидан иборат Ишчи гурух тузилган.

“Навоий ИЭС” АЖ маъмуриятининг жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсий, сайёр ва оммавий қабул қилиш жадвали тузилиб, Қабул қилишларнинг жадвали ва уларни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулларга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, қабул қилиш тартиби “Навоий ИЭС” АЖнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниб, маъмурий биноларнинг, ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилган,  жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсий қабул қилиш учун алоҳида хона ажратилган.

Мурожаатлар билан ишлаш бўйича ишлар ташкил қилиниб, уларни ўз вақтида кўриб чиқилиши устидан назорат ўрнатилган, келиб тушган мурожаатларнинг статистик ҳисоби юритилиб, ҳар чоракда мурожаатлар билан ишлаш ҳақидаги ахборот умумлаштиради ва таҳлил қилинади, умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра маълумотномалар (шарҳлар) тузилади, тузилган маълумотномалар“Навоий ИЭС” АЖнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниб борилади.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак,

2020 йилни 12 ойида “Навоий ИЭС” АЖга жами бўлиб 90 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шулардан 36 таси оғзаки шаклдаги мурожаат, 45 таси ёзма шаклдаги, 9 таси электрон мурожаатларни ташкил қилади. Ушбу 90 та мурожаатлардан 87 таси жисмоний шахсларнинг мурожаатлари, 3 таси юридик шахснинг мурожаати.

2019 йилнинг 12 ойи давомида “Навоий ИЭС” АЖга жами бўлиб 179 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шулардан 88 таси оғзаки шаклдаги мурожаат, 73 таси ёзма шаклдаги, 18 таси электрон мурожаатларни ташкил қилади.

Шундай қилиб, 2020 йилни 12 ойи давомида 2019 йилни шу даврига қараганда умумий мурожаатлар сони 89тга, яъни 49,7%га камайган.

2020 йил давомида жами бўлиб 5 та сайёр ва оммавий қабул ўтказилган бўлиб, қабуллар давомида келиб тушган мурожаатлар ўз вақтида ва қонуний кўриб чиқилан. Бу сайёр ва оммавий қабуллар сони кўпроқ бўлиши мумкин бўлсада, Пандемия сабабли, карантин ва санитария қоидаларига риоя қилиш мақсадида оммавий ва сайёр қабуллар сони чекланган эди.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасининг “Онлайн маслаҳатчи” модули орқали ҳам мурожаатлар билан тегишли масъуллар томонидан иш олиб борилмоқда.

 Станцияда мурожаатлар билан жараёни билан танишар эканмиз, қаноатлантирилган мурожаатни бир таҳлил қилиб кўрсак :

 Навоий вилояти, Кармана тумани, Катта МАЧИТ маҳала фуқаролар йиғинида яшовчи, “Навоий ИЭС” АЖнинг ишчиси фуқаро А.С. 2020 йилни 6 октябр кунида “Навоий ИЭС” АЖ ишлаб чиқариш бўйича директори Мусаев Алишер Бахтиёрович томонидан шахсан қабул қилиниб, қабул давомида  мурожаатчи унинг ўғли – 2000 йилда туғилган Тошкент шаҳридаги Тошкент давлат техника универститетининг “Электроэнергетика” факультетига контракт асосида ўқишга қабул қилинаётганлиги муносабати билан унинг ўғлининг олий таълим муассасидаги ўқиш контракт тўлови пулларини “Навоий ИЭС” АЖ томонидан ва ҳисобидан тўланишини сўраб, ўғли ўқишдан сунг Станцияда 3 йил ишлаб бериш мумкинлигини билдириб, ёрдам сўраган.

Мазкур ариза “Навоий ИЭС” АЖнинг Ижроия органи томонидан кўриб чиқилиб, мурожаат қаноатлантирилган ва контракт пуллари тўлаб келинмоқда.

Кўриб турганимиздек, муҳтарам Юртбошимиз томонидан жорий этилган мурожаатлар билан ишлашнинг янгича тизими ўзини оқлаб, жуда яхши самара бермоқда.

Чунончи, “Навоий ИЭС” АЖ масъуллари томонидан мурожаатлар билан ишлаш борасида изчил ишлар амалга оширилган бўлиб, ушбу тадбирларнинг ҳаммаси халқ розилигини олиш, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” деган эзгу ғоя остида амалга оширилмоқда.

Мазкур ижобий натижаларга эришишда Станция Раҳбарияти ва масъуллари томонидан ишни тўғри тақсимлагани ва тизимлаштиргани, шу жумладан мурожаатлар билан ишлаш, меҳнат жамоаси ва халқ дардини эшитиш, улар билан мулоқот қилишни тўғри ташкил қилиш муҳим аҳамият касб этганлигини қайд этиш жоиз.

“Навоий ИЭС” АЖ Офис-менежери
И.Б.Норов 

Comments are closed